Воқеалар тақвими

Галерея


Facebook



Ўзбекистон – бежирим миноралар ўлкаси


Ўзбекистоннинг қадим шаҳарларидаги миноралари мамлакат меъморчилигининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Самога томон бўй чўзган бу муҳташам иморатлар бир замонлар сайёҳлар ва карвонларга йўл кўрсатувчи, диндорларни ибодатга чорловчи маёқ вазифасини ўтаган бўлса, бугун улар сайёҳликнинг нафис ва бетакрор обидалари қаторидан ўрин эгаллаган. Гарчи, бугунга қадар етиб келган миноралар мумтоз исломий меъморчилик услубида қад ростлаган бўлса-да, улар бу ерларда Ислом маданиятига қадар ҳам бўлган. Мисол учун, улардан турли хабар ва сигналларни етказишда маёқ ёки ибодатхона қўнғироқхонаси сифатида фойдаланилган. Ҳаттоки, араб тилидаги «манора» сўзидан ўзлаштирилган «минора» сўзи ҳам маёқ деган маънони ифодалайди. Ўзбекистонга беҳудага феруза ранг гумбазлар ва хушқад, салобатли миноралар юрти дея нисбат берилмайди. Ушбу мақолада мамлакатдаги бир нечта афсонавий миноралар ҳақидаги қисқача маълумотларни тақдим этамиз. Ўзбекистонда ёши 2000 йилга етадиган минора ҳамда баланд қалъалар мавжуд. Бу иншоотлар Ислом меъморчилиги қоидаларига кўра қурилган бўлишига қарамасдан, шакл ва безак ишлари жиҳатидан деярли бир-бирининг ҳашами ва ўзига хослигини такрорламайди. Мукаммал меъморий ечим, пухта билим билан тикланган минораларда оғирликни тақсимлаш ва чидамлилик маҳорат билан амалга оширилганки, бу мислсиз маёқлар асрлардан буён ҳам табиат, ҳам одамларнинг салбий таъсирларига қарши чидам билан қад кўтариб турибди. Шу боис ҳам ҳар бир минора ўзининг жилвакорлиги, ҳашамати ва кўркамлиги, мағрурлик ҳамда азоб ва уқубатлари ва умидсиз кунлари акс этган шахсий ўтмишига эга.

Ўзбекистоннинг энг кекса миноралари

Тарихий Термиз шаҳри атрофида Ўзбекистоннинг бир қатор кўҳна минора ва қалъалари қад кўтариб турибди, булар: Зурмала ва Жарқўрғон миноралари. Зурмала минораси милоддан аввлаги II асрда қурилган бўлиб, у ўша кезлари йирик монастирлик жамоасининг будда эътиқоди маркази бўлган. Бугунги кунда миноранинг баландлиги 11 метр, кенглиги эса 6 метрли жойи сақланиб қолинган. Жарқўрғон минораси эса 1109 йилда қад кўтарган. Унинг бўйи 22 метр бўлиб, ўзига хос меъморий ечими ва услуби, салобати билан ҳар қандай сайёҳни лол қолдиради. Миноранинг асл баландлиги бир вақтлар 35 метрни ташкил қилган ва у ўрнашган ерда илгари масжид ҳам бўлган.

Миноралар забт этган юксакликка эришиб, улардаги улуғворликни пастдан туриб юқорига қараб томоша қилиш қийин бўлса-да, ҳар гал уларга кўз тикканингизда қалбингизда қадим иншоотларнинг юксак руҳини ҳис қиласиз.