Ўзбекистон – сирли саҳролар ўлкаси
Қизил саҳро

Қизилқум («Қизил қумли саҳро») – 30 млн. йил илгари вужудга келган жаҳоннинг энг ёш чўлларидан бири. Қизилқум саҳроси Амударё ва Сирдарё оралиғидаги улкан майдонни эгаллаган бўлиб, унинг умумий майдони 260 000 кв. км.ни ташкил этиб, Ўзбекистон худудининг катта қисмини ташкил этади. Геодезик шакли ва жиҳатларига кўра Қизилқум яримчўл бўлиб, у қисман унча катта бўлмаган қумтепалар ҳамда ўт-ўланлар билан қопланган бепоён даштлар, тош-тепалар, шунингдек шағал ва оҳактошли бўз ерлардан иборат. Қизилқум даштининг юза қисмини асосан текисликлар ташкил этиб, унинг баъзи ҳудудларини бир нечта қолдиқ тоғлар (унча баланд бўлмаган Кулжиктоғ 764 метргача, Томдитоғ 974 метргача), шунингдек ботиқлар, ясси платолар кесиб ўтган. Мамлакатдаги энг чуқур ботиқ – денгиз сатҳидан 12 метр чуқурликда жойлашган Мингбулоқ ботиғи ҳам шу ҳудудда жойлашган.
Саҳро ўсимлик ва ҳайвонот
Бугун Қизилқум кенгликларида бу ерлик ҳайвонот ҳамда ўсимликлар дунёси астойдил ҳимоя остига олинган кўплаб қўриқлаш майдонлари, эко-ҳудудлар ташкил этилган. Қизилқум минтақасида оби ҳаёт бўлмиш сувнинг мавжудлиги ўзига хослик касб этган флора ҳамда фаунанинг хилма-хил рангда жилоланишини таъминлайди. Чўл ҳудудида 130 хилдан зиёд ўсимлик ҳамда қурт-қумурсқа ва қушлар билан қўшиб ҳисоблаганда 300 турдан зиёд жонзодларни учратиш мумкин. Қизилқумда экстремал шароитларда ҳам яхши кўпаядиган пастбўй буталар ҳамда ўт-ўланлар ўсиб унади. Булар – саксовул, юлғун, туя-тикан, қамиш, селин, жузгун, чингил, ёввойи ковул, кўкбош, балиқкўз, ўзи ўсиб чиқадиган лолақизғалдоқ ва лоланинг бир қанча хиллари, акация ва тол дарахтларидир. Қизилқум саҳросининг ҳайвонот олами ниҳоятда бой. Бу сарҳадсиз чўлда туялар, шоқоллар, тоғ қўйлари, ғизоллар, сайғоқлар, кийиклар ёввойи эшак, Пржеваль отлари, сичқон, тулки, юмронқозиқ, типратикан, қуёнлар, ер остида яшовчи сут эмизувчи ҳайвонлар, тошбақа, эчкемар, калтакесак, қумда яшовчи қора илон, кобра, шақилдоқ илон, бургут, сайроқи қораялоқ, балабан (Falco cherrug) қуши, болтаютар йиртқич қуши, майна, ёввойи ўрдак, қорабузов қуши, балиқчи қуш, жарқалдирғочи, чумчуқ, тилларанг бўздоқ, кўкғарға ва бошқа жонзодларни учратиш мумкин.
Саҳронинг туризм жозибадорлиги
