Воқеалар тақвими

Галерея


Facebook



Ўзбек ошхонаси: анъана ва қадриятлар

Ўзбек ошхонаси шубҳасизки, ўзбек маданиятининг энг аҳамиятли ва таассуротли қисми. Ўзбек миллий таомлари ниҳоятда хилма-хил ва таркиби бой. Миллий ошхонада таомларни хушҳўр ва хуштаъм қилишда зиравор, туз ва бошқа фойдали зиравор маҳсулотлардан меъёрида фойдаланилади. Аччиқ, ёғли, нордон ёки ширин бўладими, барча таомларда ўрта меъёрида. Миллий овқатлар турлари йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳудудида яшаётган халқларнинг биринчидан турфа диний-маданий жиҳатлари, иккинчидан иқтисодий, шунингдек табиий омиллар сабаб шаклланган. Ўзбек ошхонаси таомлари қисман турли халқ, эътиқод ва урф-одатлари, рецептлари асосида бойиган бўлишига қарамай, ўзининг алоҳида хусусиятига эга. Буюк ипак йўлининг савдо-сотиқ бўйича асосий чорраҳаларидан бирида жойлашган Тошкент, Фарғона ва Самарқандга бир қанча давлатлар маданиятининг кириб келиши натижасида ўзбек ошхонаси Яқин ва Ўрта Шарқ, уйғур, ҳинд, рус халқлари ошхонасининг энг илғор жиҳатларини ўзлаштиришга эришган. Таомларнинг аксариятида дон-дун, ун, сут, гўшт маҳсулотларидан фойдаланилади. Умуман олганда, сабзавот ва донли маҳсулотлар ўзбек ошхонасида тайёрланадиган таомлар учун асосий ажралмас таркибий қисм ҳисобланади. Мева-чева, кўкат ва ширинликлар эса ўзбекона дастурхоннинг доимий безагидир.

Овқатланиш анъаналари

Одатий ўзбек хонадонида кундалик бир марта иссиқ таом тайёрлаш анъана тусига кирган ва булар албатта палов, лағмон, норин, кабоб, манти ёки димлама каби миллий ошхонанинг асосий таомлари бўлиши шарт эмас. У бирор хил шўрва ҳам бўлиши мумкин. Аксари оилаларда бош таом оиланинг барча аъзолари жамулжам бўладиган кечки дастурхонга тортилади. Йил фасллари, асосан қиш ва ёз фаслларида оила кундалик овқатланиш таомномасига бекалар алоҳида эътибор қаратадилар. Ёз фаслида иссиқ овқат билан бирга янги узилган сабзавот ва сут маҳсулотлари истеъмол қилинса, қишда эса аксарият кўпроқ консерваланган сабзавот ва қуруқ мевалар тановул қилинади. Шу тахлит, 2 кўринишда овқатланиш юзага келади: фасллардан келиб чиқиб амал қилинган қишки ва ёзги ҳамда қуёшнинг ҳолатидан (кун чиққунча ёки кун ботганидан сўнг) келиб чиқиб овқатланиш. Ўзбеклар овқатнинг покизалигига, асиллигига ҳамда овқатланиш одоб-ахлоқига алоҳида эътибор қаратишади. Дастурхон безатилгач, унинг атрофидагилар оила аъзоларининг барчаси даструхон атрофида ҳозир бўлмагунларича таомга қўл узатмайдилар. Миллий таом эҳтиёжни қондириш, очликнинг олдини олиш омили бўлиш баробарида, шунингдек бошқа халқларда бўлгани каби, халқнинг маънавий оламини ҳам ўзида акс эттиради.