Воқеалар тақвими

Галерея


Facebook



Вақт қумлари остидаги археологик хазиналар

Турон аталмиш афсонавий замин марказида “Қуёш ўлкаси” дея ном олган эртакнамо ўлка бор. Бу диёр нафақат ўтмиш цивилизация бешиги, шунингдек сарҳадсиз саҳролар бағридаги қумтепалар остидаги сон-саноқсиз сирли қалъа ва манзилгоҳлари билан ҳам ном қозонган. Қалъа – бу ўтмишдан сарой, карвонсарой, соқчилик миноралари, “сукут” миноралари, аҳоли пунктлари, ибодатхоналар, шаҳарлар, қўрғонларнинг бугунга қадар етиб келган қолдиклари. Улар одатда лой ғишт ёки сомонли ғиштдан қад ростлаган. Ўзбекистонда айни пайтгача 100 дан ошиқ шундай қалъалар очилиб, уларнинг аксарияти археологлар томонидан тадқиқ қилинган. Қадим замонларнинг якка-ёлғиз диққатга сазовор бу гувоҳлари бугун халқ тилида истеҳком, тепалик, қўрғон деб аталади. Лойдан бунёд этилган бу манзилгоҳлар бир неча ўн асрларни писанда қилмасдан бугунгача етиб келган. Уларнинг энг қадимийси милоддан аввалги V асрда қад кўтарган бўлса, энг ёши милодий VII асрда қурилган.

Тупроққалъа қўрғони

Тупроққалъа қўрғони (500х350 м) мукаммал архитектура комплексига эга бўлиб, у ерда аҳоли турар жой бинолари, зодагонлар яшаган мавзе, сарой аъёнлари истиқомат қилган бинолар, шунингдек маҳаллий Хоразмшоҳлар сулоласининг ёзги қароргоҳи бўлмиш сарой бўлган. Қўрғон баландлиги 14 метр баландликдаги тепалик устида қурилган ва алоҳида девор билан ўраб олинган. Бугунга келиб эса бу девордан деярли асар ҳам қолмаган.


Сирли Қўйқирилган қалъа манзилгоҳи

Қўйқирилган қалъа манзилгоҳи тарихий ёдгорликлар орасида энг сирлиси бўлиб қолмоқда. Меъморий ечими доира шаклдаги ушбу қадимий шаҳар харобаларининг атрофи ҳимоя деворлари билан ўралган ҳолда бизгача етиб келган. Қўрғоннинг айлана шаклда қурилгани бизни ортга – зардуштийлик эътиқодида муҳим аҳамият касб этган қуёшга қайтаради. Манзилгоҳнинг ўз даврида қайси мақсадга хизмат қилгани тўғрисидаги жумбоқ ҳозирга қадар олимларни қизиқтириб келмоқда.