Воқеалар тақвими

Галерея


Facebook



Мафтункор ва бетакрор Ўзбекистонга саёҳат

Марказий Осиё дурдонаси бўлмиш, Ўзбекистон минтақанинг марказида жойлашган бўлиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон давлатлари билан чегарадош. Кўп асрлар давомида бу заминда Буюк Ипак йўли ўтган. Ўзбекистон бугунги кундаги янги шарт – шароитларда Евроосиёнинг шимоли ва жанубидаги халқлар ҳамда давлатларни бир-бирига боғловчи қайта тикланаётган, катта йўлнинг асосий бўғинига айланмоқда.


Мамлакатимизнинг 448,9 минг квадрат километрга тенг бўлган ҳудудида оламнинг турфа ранглари мужассам – бу ерда Чимён тоғларининг оппоқ қорли чўққиларини ҳам Қизилқумнинг олов ранг қумларини ҳам кўриш мумкин. Ландшафт нуқтаи назаридан Ўзбекистон уч қисмга бўлинади: шарқда ва жанубий шарқда тоғлар ва тоғолди ҳудуди, ғарбда чўл ва ярим чўл ҳудудлари, жанубий ғарб ва шимолий ғарбда текисликлар бор. Табиий шарт – шароитларнинг ўзига хос хусусиятлари ёруғлик ва иссиқликнинг мўл-кўллиги қуёшнинг йил давомида кўп вақт тик келиши билан изоҳланади. Ўзбекистонда 31 миллион аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир квадрат километрга 58,1 киши тўғри келади. Демографик вазиятнинг ўзига хослиги аҳолининг асосан воҳаларда, жойларда 1кв.км да 600 кишигача етади, истиқомат қилишида намоён бўлади. Бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган мамлакатимиз халқининг асосий хусусиятлари бу ерда қарор топган тинчлик ва ҳамжиҳатлик тимсолида ўз ифодасини топмоқда.


1991 йилнинг 31 августида Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон давлат мустақиллигининг эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихидаги энг муҳим воқеа бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси таркибига Қорақалпоғистон Республикаси, 12 вилоят ва пойтахт Тошкент шаҳри киради. Ўтган йиллар давомида Самарқандда қадим усталар томонидан бунёд этилган Шоҳи Зинда, Регистон тарихий ёдгорликлари, Амир Темур мақбараси ва Оқсаройни тиклаш ҳамда таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлари амалга оширилди. Шаҳрисабздаги Гумбази Сайидон ва Доруссаодат ёдгорликлари, Хивадаги Ичан қалъа, шунингдек, Бухородаги Масжиди Калон, Баҳоуддин Нақшбанд ва Чор Бакир каби ўнлаб мажмуалар тубдан реставрация қилинди. Бугунги кунда бутун данёдан минглаб сайёҳлар ушбу обидаларнинг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш мақсадида юртимизга ташриф буюрмоқда.

Навбатдаги мақолаларимизда эса, ўқувчиларимиз ана шу мафтункор ва бетакрор, қадим ва ҳамиша навқирон Ўзбекистоннинг дунёга машҳур шаҳарлари, ҳудудлари ҳар бири тарихи, маданияти, урф-одатлари, табиати, миллий таомлари ва бошқа қимматбаҳо, қизиқарли маълумотлари билан батафасил танишиш имкониятига эга бўладилар.